Ағёр юрагингда кўряпман ҳадик,
Ўзингча ташқингда ғамимни ейсан,
Бошқа айёмлардан таскин топмадик,
Бу айём меники хўш нима дейсан.!?
Сенда даб-дабаю, куй-қўшқ, рақслар,
Ҳатто ўйин қилар уйингда нақшлар,
Улар сенга балки ҳузур бағишлар,
Бу айём меники хўш нима дейсан.!?
Менда ҳоксор ғамгин гулдек сўларман,
Кулсам бир жилмайган бўлиб куларман,
Қурбонлик туфайли яқин бўларман,
Бу айём меники хўш нима дейсан.!?
Шу айём бўлса бас кўнглим ҳам тўқдир,
Унга безакларни бермак ортиқдир,
Бунда қадаҳларни овози йўқдир,
Бу айём меники хўш нима дейсан.!?
Кўзинг нафратларга тўлдику ағёр,
Шу бир айёмимга ҳасадинг бисёр,
Сенинг юзлаб-минглаб қизил кунинг бор,
Бу айём меники хўш нима дейсан.!?
Ажиб адоватинг тинмай ўрасанг,
Тинмай шу байрамим ҳақида сўрасанг,
Қўй сўйиб тарқатсам ёмон қарасанг,
Бу айём меники хўш нима дейсан.!?
Бу кун ўтмишимдир тарихни йиққан,
Бу кунда момолар не зўрни туққан,
Боламнинг тили ҳам ҲАЙТ деб чиққан,
Бу айём меники хўш нима дейсан.!?
Мунгли кўзларда дардли минг савол,
Бу кунни севарди бобом қадди дол,
Қолган қанча кун бор йиғиштириб ол,
Бу айём меники хўш нима дейсан.!?
Бу кунлар мен учун келмагай такрор,
Сенинг айёмингдан не юмушим бор,
Эртага не қилсанг қилавер ағёр,
Бу кеча меники хўш нима дейсан!?